Айрим тоифадаги фуқаролар муддатидан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлди

Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Ўзбекистонда айрим тоифадаги фуқароларга муддатидан олдин пенсияга чиқишга рухсат берилди.
Norma.uz хабарига кўра, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи билан Алоҳида асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритилган.
Ҳужжат қуйидаги асослар бўйича меҳнат шартномаси бекор қилингани муносабати билан ишдан бўшатилган ходимларга пенсияларни муддатидан олдин тайинлаш тартибини тартибга солади:
технология ўзгариши, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этиш;
иш ҳажмининг камайиши сабабли ходимлар сонининг (штатининг) ўзгариши ёки иш характерининг ўзгариши;
корхонанинг тугатилиши.
Мазкур шахсларга улар расман ишсиз деб эътироф этилган ва зарур меҳнат стажига эга бўлган тақдирда муддатидан олдин (қонун ҳужжатларида белгиланган умумий асосларга кўра пенсия тайинлаш муддатидан икки йил олдин) пенсияга чиқиш ҳуқуқи берилади:
эркаклар - 58 ёшда бўлиб, меҳнат стажи 25 йилдан кам бўлмаган тақдирда;
аёллар - 53 ёшда бўлиб, меҳнат стажи 20 йилдан кам бўлмаган тақдирда.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистонда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар 60 ёшга тўлганда, аёллар эса 55 ёшга тўлганда эга бўлади.
Ўзбекистонда неча киши пенсия ва нафақа олади?