Ўзбекистон 10 майдан бошлаб Ҳиндистон ва Туркияга чартер рейсларни тўхтатмоқда

Ҳиндистон ва Туркияга сайёҳлар учун мўлжалланган барча чартер қатновларни жорий йил 10 майдан бошлаб эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар тўхтатиш;
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 май - Sputnik. Ўзбекистон Ҳиндистон ва Туркияга авиақатновлар учун вақтинчалик чекловлар ўрнатди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Таъкидланишича, ушбу чекловлар "тегишли ташликотлар таклифини инобатга олган ҳолда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини жиловлаш, унга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш ҳамда ушбу инфекциянинг янги штаммларини мамлакатга кириб келишини олдини олиш мақсадида" қабул қилинган.
Ҳиндистонга "коронавирус шторми" ёпирилди: мамлакатда нималар рўй бермоқда
Шу тариқа, Республика махсус комиссияси қарори билан касалланиш кўрсаткичи юқори бўлган айрим давлатлар билан ўзаро авиақатновларга қуйидаги вақтинчалик чекловлар жорий қилинган.
Жумладан, Истанбул шаҳридан Фарғона, Урганч ва Самарқанд шаҳарларига авиақатновларни 2021 йил 5 майдан 1 июнга қадар тўхтатиш;
Ҳиндистон ва Туркияга сайёҳлар учун мўлжалланган барча чартер қатновларни жорий йил 10 майдан бошлаб эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар тўхтатиш;
Тошкент-Истанбул йўналишида авиақатновларни вазиятдан келиб чиқиб, жорий йил 10 майдан бошлаб паритет асосида (талабдан келиб чиқиб) камайтиришга қарор қилинди.
Республика махсус комиссияси қарорига кўра, Ҳиндистон ва Туркиядан учиб келаётган ҳар бир шахс томонидан мамлакатимизга кириб келганидан сўнг карантинда бўлишлари юзасидан огоҳлантирилганлиги юзасидан тилхат тўлдирилади.
Бунда аэропортдан борадиган яшаш манзили, телефон рақами ва карантин талабларини бузганда қонунчилик ҳужжатларида жавобгарлик белгиланганлиги тўғрисида огоҳлантирилади.
COVID-19 пандемияси қачон барҳам топади - немис олимлари прогнози
Шунингдек, касаллик кириб келиши қамровини аниқ баҳолаш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати таклифига мувофиқ, Ҳиндистон ёки Туркиядан Ўзбекистонга кириб келаётган барча шахслардан коронавирус инфекциясига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ПЗР текширувини ўтказиш тизими синов тариқасида жорий этилади.
Улардан коронавирус инфекциясига ПЗР тест намунаси аэропорт кутиб олиш залида олинади ва белгиланган тартибда уй ёки меҳмонхонада 14 кун давомида карантинда бўлиш учун жўнатилади.
ПЗР тест таҳлили 18 соат ичида мусбат чиққан тақдирда белгиланган тартибда даволаш ишларини ташкиллаштиради;
ПЗР тест таҳлили натижаси манфий чиққан тақдирда шахс 14 кунлик карантинда бўлиши давом эттирилади. Ўзбекистонга ҳаво йўллари орқали ташриф буюраётган шахслар сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига фақат ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этиш талаби сақланиб қолади.