ТОШКЕНТ, 7 май – Sputnik. Токиодаги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига қарши петиция 47 соат ичида 191 мингдан кўп имзо тўплади, деб хабар бермоқда РИА Новости мухбири Ксения Нака.
Имзо тўпланиши 5 май куни соат 12 да жамоат ва сиёсий арбоб Кэндзи Уцуномия томонидан бошланган. Ўтган йили у Япония пойтахти губернаторлиги сайловларига ўз номзодини қўйган эди.
Қирқ етти соат ичида "Ҳаётларни қутқариш учун Токиодаги Олимпиадани бекор қилишни талаб этамиз" деб номланган петицияни 191 552 киши имзолаган.
Петиция 17 май куни Японияга ташрифи кутилаётган Халқаро олимпия қўмитаси Томас Бах, Халқаро паралимпия қўмитаси раҳбари Эндрю Парсон, Олимпиада масалалари бўйича вазир Тамаё Марукава, Токиодаги Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси раҳбари Сэйко Хасимито ва Токио губернатори Юрико Коикэ номига йўлланган.
Петицияда ХОҚ, ХПҚ, Япония ҳукумати ва Токио маъмурияти "Олимпия ўйинларини зўрлик билан ўтказишга ҳаракат қилишаётгани" кўрсатиб ўтилган.
"Бу орада, нафақат Токио, балки регионларда, шунингдек, дунёнинг барча давлатларида коронавирус пандемияси тўхтагани йўқ. Ўтган йилнинг охирида бошланган эмлаш ишлари бугунги кунга келиб Европа ва АҚШ регионларининг бир қисмидагина илгарилаган ва ҳозирча касаллик тарқалишини тўхтата оладиган ҳал қилувчи омилга айланган эмас", - дейилади петицияда.
Шунингдек, петицияда ҳозирда Японияда тиббий персонал етишмовчилиги муаммоси ўткир эканлигиэ, агар ресурсларнинг бир қисми спортчилар ва улар билан бирга келган инсонларнинг тиббий таъминотини таъминлаш, анализлар ўтказиш ва спортчилар соғлиғини назорат қилиш учун йўналтириладиган бўлса, мамлакатдаги ҳолат оғирлашиши мумкинлиги қайд этилган.
Ҳозирда Токио, Осака ва яна учта префектурада коронавирус касаллиги ошиб бораётгани туфайли фавқулодда ҳолат режими амал қилиб турибди.
Кутилишича, бугун ушбу префектураларнинг тўрттасида бу тартиб 31 майга қадар узайтирилади ва яна иккита регионга ҳам бу ҳолат жорий этилади.