Мирзиёев Путин билан телефон орқали мулоқот қилди

Мулоқот давомида Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 май - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, эзгу тилакларини изҳор қилдилар.
Булунғурлик ветеранга президент совғаси топширилди
Елкама-елка туриб бирга қаҳрамонона жанг олиб борган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган халқларимизнинг буюк жасорати миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолиши алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Барча даражада фаол мулоқотлар давом эттирилмоқда, Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларида йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида илк бор Россиядан ташқарида кенг миқёсда ташкил этилган Халқаро “Иннопром” кўргазмаси муваффақиятли ўтказилди.
Путин лимузини, аждар-трактор ва мўъжизавий-телескоп: "Иннопром"даги ноёб экспонатлар
Ўзаро савдони кўпайтириш бўйича биргаликда қўшимча чоралар кўриш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Парламентлараро алмушинувлар кенгаймоқда, таълим ва маданий-гуманитар алмашинув бўйича муҳим дастурлар амалга оширилмоқда.
Мулоқотда Президентлар халқаро кун тартиби ҳамда минтақавий ҳамкорлик, шу жумладан МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги шерикликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилди.
Бўлажак тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди. Олий даражада ўтказилиши режалаштирилган учрашувларнинг кун тартибини тайёрлашни фаол давом эттиришга келишиб олинди.
Телефон орқали мулоқот ҳар доимгидек самимий, дўстона ва ишчан руҳда ўтди.