ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. ИИВ ЙҲХББ 2021 йилнинг биринчи чорагида содир этилган ЙТҲ юзасидан маълумотларни эълон қилди.
Қайд этилишича, январь—март ойларида 1491 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Унда 394 киши ҳалок бўлган ва 1168 киши жароҳат олган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп ЙТҲ — Тошкент (208 та) ва Фарғона (212) вилоятлари ҳамда Тошкент (170) шаҳрида кузатилган.
620 та автоҳалокат пиёдалар иштирокида содир бўлган, 162 таси велосипедчи, 95 таси болалар, 10 таси мотоциклчилар иштирокида содир бўлган.
Бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаблари тезликни ошириш — 37,8 фоиз, пиёдалар ўтиш жойлари йўқлиги сабабли йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш — 15,3 фоиз, устунликка эга транспортга йўл бермаслик — 12,4 фоиз, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш — 7,6 фоиз.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг "объектив сабаблари" қаторида транспорт воситаларини нотўғри бошқариш ва сифатсиз йўллар 4,2 фоизни, шунингдек, велойўлаклар бўлмаган жойларда велосипедчиларни уриб кетиш 4,2 фоизни ташкил этган.
Ҳайдовчининг тажрибасизлиги барча бахтсиз ҳодисаларнинг 5,8 фоизига сабаб бўлган, ҳаракат давомида ухлаб қолиш – 3,3 фоиз ва транспортни маст ҳолда бошқариш 2,6 фоиз ЙТҲга сабаб бўлган.