ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги сўнгги кунларда Тошкент метросида содир бўлаётган ҳолатлар юзасидан муносабат билдирди.
Сўнги вақтларда пойтахт метрополитенида носозликлар тез-тез учраб турибди. Хусусан, март ойида “Олмазор” (Чилонзор йўли) ва “Бекат-1” (Сергели йўли) орасидаги туннелда икки поезд тўқнашди. Апрель ойида ижтимоий тармоқларда поезднинг очиқ эшиклар билан ҳаракатлангани акс этган видео тарқалди. Куни кеча эса поезд туннелда тўхтаб қолгани, йўловчилар пиёда рельслар орқали ҳаракатланиб, бекатга етиб олгани тасвирланган ҳолат қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасида йўловчи ташишнинг асослари белгилаб қўйилганини эслатди.
Жумладан:
шаҳар йўловчилар транспортининг бир маромда ишлашини ташкил этиш;
йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш;
йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини, транспорт воситалари ҳаракатининг хавфсизлигини, шунингдек атроф муҳитни муҳофаза қилиш талаблари бажарилишини таъминлаш.
“Аммо “пойтахт ер остидаги” воқеалар хизмат кўрсатувчининг ўз мажбуриятларини бажармаётганидан далолат бермоқда”, - дейилган хабарда.
Агентлик ҳар бир йўловчи истеъмолчи экани ва унинг ҳақ-ҳуқуқлари “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун билан ҳимояланишини қайд этган. Натижада ташкилот юқорида келтирилган муаммоларни ўз назоратига олган ва метрополитен хизматлари юзасидан ўрганиш ишларини бошлаган.