ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги тўқнашувлар юзасидан баёнот билан чиқди.
Баёнотда таъкидланишича, Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасида вазиятнинг кескинлашиши ва бунинг икки томондан ҳам жабрланишларга сабаб бўлгани тўғрисидаги хабарлар Ўзбекистонда жиддий хавотир уйғотган.
“Томонларни тўқнашувларни зудлик билан тўхтатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича биргаликдаги чораларни кўриш ва кескинликнинг янада ортишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз” - дейилади ТИВ хабарида.
Вазирлик бугунги кунда барча масалалар ва мавжуд муаммолар Марказий Осиёнинг биродар халқларига хос бўлган кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ҳамда шериклик муносабатлари руҳида музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилиниши зарурлигини қайд этган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон юзага келган вазиятни имкон қадар тез муддатда ҳал қилиш учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 29 апрел куни Қирғизистон-Тожикистон чегарасида навбатдаги можаро юзага келди. Можара отишмаларга айланиб кетган. Унда яралаганган бор. Қирғизистон ССВ бир киши ҳалок бўлганини ҳақида хабар қилди. Икки мамлакат тўқнашувлардаги айбни бир-бирига ағдармоқда.