ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги икки қаватли уйда газ портлашига хонадон эгасининг газ ўғирлаши оқибатида келиб чиққан. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” матбуот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, воқеа жойида ФВВ ходимлари билан биргаликда “Hududgaz Toshkent” газ таъминоти филиали ходимлари иш олиб борган.
“Ўрганишлар жараёнида маиший эҳтиёж учун табиий газни ўғирлаш натижасида 2 қаватли бинодаги уйлардан бирининг хонасида табиий газ тўпланиши содир бўлганлиги аниқланди”, - дейилган хабарда.
Хонадон эгаси ҳисоблагични олиб ташлаб, газ қувурларини канализация сифони орқали улаб қўйиши табиий газ сизиб чиқишига сабаб бўлган.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ истеъмолчилардан табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузмаслик, маиший фойдаланишда ностандарт газ ускуналари ва қўлбола мосламаларни ишлатмасликни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нурафшонда газ портлаши оқибатида бир киши қурбон бўлгани хабар қилинган эди.