“Маънавий зарар 4,6 млрд сўм”: Давлат солиқ қўмитаси Расул Кушербаевни судга берди

Қўмита хабарига кўра, депутат хатти-ҳаракатлари орқали солиқ органларига 4,6 млрд сўм миқдорида маънавий зарар етказган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев устидан Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Аниқлик киритилишича, бунга Кушербаевнинг Human.uz ахборот порталидаги “Сўз блогерларга” кўрсатувининг 2021 йил 23 февралдаги сонида айтган ҳақоратомуз сўзлари сабаб бўлган.
Давлат солиқ қўмитаси депутатнинг кўрсатувда айтган қуйидаги гапларини келтирган:
“...оддий солиқ қўмитасининг ходими ёки мутахассиси юк хати нима учун керак бўлишини, хатто у шунчалик билмайдими ё тадбиркорлар, ё одамлар шунчалик аҳмоқ деб ўйлайдимики, ўзини қилаётган ишини нотўғримаслигини исботлаши учун далил сифатида юкхатини кўрмоқчи... Пасткашлик бўлса шунчалик бўладики, солиқ ходими тадбиркордан юк-хатигача сўраяпти, уйидаги туалетная бумагани қанақасини ишлатишини ҳам сўрамабдида... Солиқ органлари айланиб ўгирилиб тадбиркорни айбдор деб топишим керак деган принципда ишлаяпти...” – деган Кушербаев интервью давомида.
Қўмита Расул Кушербаев ушбу сўзлар билан солиқ органлари ходимларини асоссиз айблаган ва ушбу хатти-ҳаракатлари орқали солиқ органлари ходимлари ишчанлик обрўсига путур етказган деб ҳисоблайди.
Идора юқорида айтилган вазиятлар юзасидан қонунлардан иқтибос келтириб изоҳ берган:
ДСҚ раиси Олмалиқда сотувчилар билан бўлган воқеа учун узр сўради
Солиқ кодексининг 138-моддаси, 4-қисмида камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органи солиқ тўловчидан (солиқ агентидан, учинчи шахсдан) ҳисобга олиш ҳужжатларини, тақдим этилган солиқ ҳисоботига ва ҳисобга олиш ҳужжатларига доир тушунтиришларни, шунингдек солиқ ҳамда йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотни сўраб олиши мумкинлиги кўрсатилган.
Солиқ кодексининг 223-моддаси, 3-қисмига мувофиқ, юкларни товар-кузатув ҳужжатларини (юк-хати) расмийлаштирмасдан ёхуд сохта ҳужжатлар бўйича ташиш солиқ базасини яшириш деб эътироф этилади.
Шу боис қўмита Расул Кушербаев оммавий ахборот воситалари орқали раддия бериши ҳамда кечирим сўраши лозим деб ҳисоблайди.

“Жавобгар хатти-ҳаракатлари орқали солиқ органларига 4,6 млрд сўм миқдорида маънавий зарар етказган. Ушбу маънавий зарар ундирилгач, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузуридаги "Саховат ва кўмак" жамғармасига ўтказилади", — дейилган хабарда.

Хабарда давлат солиқ хизмати органлари сўз эркинлигига қарши эмаслиги қўшимча қилинган.
“Бироқ ҳар қандай асоссиз фикрлар учун белгиланган тартибда, қонун доирасида жавоб бериш лозимлигини ҳам унутмаслик керак”, - дея хулоса қилган қўмита.