ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. “Тахиатош ИЭС” АЖда ҳеч қандай ёнғин юз бермаган. Бу ҳақда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ расман маълум қилди.
Аввалроқ айрим ижтимоий тармоқларда “Тахиатош ИЭС” АЖ да ёнғин юз бергани ва Қорақалпоғистоннинг аксарият ҳудудлари светсиз қолгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.
Маълум қилинишича, 25 апрель куни соат 20:46 да станциядаги очиқ тақсимловчи қурилмада қисқа туташув юз берганлиги сабабли 1-сонли буғ-газ қурилмаси ва 1, 3-сонли турбогенераторлар автоматик ҳимоя тизимининг ишга тушуши натижасида ўчиб қолган.
Воқеа натижасида энергоускуналарга ҳеч қандай талофат етмаган. Соат 21:23 да станцияда очиқ тақсимловчи қурилманинг иш фаолияти тикланган.
Хабарда энергоблоклар босқичма-босқич ишга туширилиб, энерготизимга уланаётгани қўшимча қилинган.