ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. АҚШ ва НАТО Афғонистондаги базалардан ҳарбийларни олиб чиқишни бошлади. Бу ҳақда Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинлари қўмондони Скотт Миллер маълум қилди.
“Базаларимизнинг бир қисми эвакуация жараёнини бошлади”, - деди Миллер. Унинг сўзларидан “Hama Press” нашри иқтибос келтирган.
У америка кучлари ўзининг барча ҳарбий базаларини афғон армиясига беришини қўшимча қилган. Шу билан бирга америка генерали толиблар (“Толибон”* тарафдорлари) АҚШ ҳарбийларига ёки бошқа ҳар қандай тузилмага ҳужум қилса, жавоб қатъий бўлишидан огоҳлантирган.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ яқин икки ҳафта ичида афғон томонига Қандаҳор вилоятидаги уч база ва ҳарбий аэропортни бериш ниятида.
14 апрель куни АҚШ президенти Жо Байден америка қўшинларини Афғонистондан май ойида олиб чиқишни бошлашни ва уни 2021 йил 11 сентябрига келиб якунлашни режалаштираётганини эълон қилди.
* Россия ва қатор мамлакатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти