ДХМлар орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 200тага етказилади – Адлия вазирлиги

Жисмоний ва юридик шахсларга январь – март ойларида 3 миллиондан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 апр – Sputnik. Жорий йилда Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 154тадан 200 тага етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига Адлия вазирлиги матбуот хизматида маълум қилишди.
Давлат органлари ходимларининг сони 15 фоизгача қисқартирилади
Биринчи чорак сарҳисобига кўра, жисмоний ва юридик шахсларга январь – март ҳойларида 3 млн.дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган (ҳозирга қадар аҳолига қарийб 26 млн. дан ортиқ).
Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида инфраструктурани ривожлантириш ҳамда ташриф бурувчилар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Давлат хизматлари марказларининг 140 га яқин инновацион биноси фойдаланишга топширилди, 50 дан ортиқ ортиқ биноларда қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Туман марказидан узоқда жойлашган (100-300 км) ҳудудларда ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, давлат хизматлари марказининг 115 дан ортиқ филиаллари ташкил этилди ҳамда бу каби ишлар давом эттирилмоқда.
Аҳолига сайёр давлат хизматлари кўрсатиш учун ажратилган 189 та “Дамас” автомобиллари ва 20 та махсус жиҳозланган “Исузу” автобуслари орқали жами 63 мингдан ортиқ сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Ўзбекистон хизмат кўрсатиш соҳасини тезкор ривожлантиришга 500 миллион доллар ажратмоқда
Амалга оширилган ишларга қарамай, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида баъзи қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланиб, улар юзасидан тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Хусусан, агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2021 йилнинг 1 чораги давомида жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида жами 104 мингдан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.
Шундан, 75 мингдан ортиғи муддат бузиш, 19 мингдан ортиғи тўғридан-тўғри давлат хизмати кўрсатиш, 595 таси ортиғи асоссиз рад этиш ва бошқа турдаги қонун бузилишларни ташкил этади.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан ваколатли идораларга 171 та тақдимнома, 934 та огоҳнома киритилди ва 812 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди.
Киритилган таъсир чоралари натижасида 325 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Шундан, 19 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва 812 нафар шахсга нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.