ТОШКЕНТ, 23 апр – Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов тожикистонлик ҳамкасби Кохир Расулзода билан Хўжандда учрашади. Бу ҳақда Тожикистон ТИВ хабарига таянган ҳолда Sputnik Тожикистон хабар бермоқда.
“Душанбе ва Хўжандда қатор масалаларда тожик-ўзбек музокаралари бўлиб ўтади”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, айни вақтда Душанбега Ўзбекистоннинг турли вазирликлари ва идоралари вакилларидан иборат экспертлар делегацияси етиб боришган.
Режага кўра, яқин кунларда Тожикистон ва Ўзбекистон савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика характеридаги масалаларни муҳокама қиладилар.
Бундан ташқари, Арипов ва Расулзода саноат, қишлоқ хўжалиги сингари соҳаларда ҳамкорликни муҳокама қилиши режалаштирилган.
Экспертлар иши натижалари Тожикистон ва Ўзбекистон бош вазирларининг 24 апрел куни бўлиб ўтадиган учрашуви давомида тақдим этилади.
Кохир Расулзода ва Абдулла Арипов Хўжандда, шу жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилиш учун ҳам учрашишади.
Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи тахминан 2021 йил июн ойининг биринчи ярмига режалаштирилган.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, бош вазирлар бўлажак юқори даражадаги тадбир дастурини, шу жумладан мамлакатлар ўртасида имзоланиши режалаштирилган ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишларини хабар қилган.