Термиздаги ресторанда ифторлик вақтида оммавий муштлашув содир бўлди

Мижозлардан бири уларга хизмат кўрсатаётган официантни ҳақорат қилиб, юзига бир шапалоқ туширган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида ресторанда ифторлик вақтида оммавий муштлашув рўй берди. Бу ҳақда Тергов департаменти матбуот хизмати хабар қилди.
Муштлашув 16 апрель куни соат 19:10 ларда “Хан Султан” ресторанида содир бўлган. У ерда 36 ёшли Н.Н. ва 31 ёшли Т.А. оила аъзолари билан алоҳида столда овқатланган. Бир пайт Н.Н. 22 ёшли официант Н.А.ни буюртмани вақтида олиб келмаганлиги сабабли ҳақорат қилиб, юзига бир шапалоқ туширган.
Кейин юқоридаги мизожлар уларни тинчлантирмоқчи бўлган яна тўрт кишини дўппослашган ва ресторан эшигининг ойнаси ва идиш жамланмаларини чил-чил синдиришган.
Ҳозир Н.Н. ва Т.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Улар қўлга олинган.
Терговда аниқланишича, улар муқаддам ҳам безорилик жиноятлари учун судланишган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.