Россияда ноқонуний бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаат қилинди

Россияда ноқонуний ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига 15 июнга қадар ўз мақомларини қонунийлаштириш тавсия қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини 15 июнга қадар ўз мақомларини қонунийлаштиришга чақирди.
Маълум қилинишича, Россия ИИВ билан у ерда ҳуқуқий мақоми қонунийлаштирилиши керак бўлган 300 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароларининг рўйхати шакллантирилган.
“Шу фурсатдан фойдаланиб, Россия ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари 2021 йилнинг 15 июнига қадар яшаш жойидаги тегишли Россиянинг ички ишлар органларига мурожаат қилиш орқали у ерда бўлишларини қонунийлаштириш ҳуқуқидан фойдаланишга чақирамиз”, - дейилган хабарда.
Бунда Россиянинг ички ишлар органлари томонидан ноқонуний равишда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан мамлакатдан маъмурий чиқариб юбориш, депортация қилиш чоралари қўлланилмайди. Уларга яшаш жойидаги миграция бўлимидан қайта рўйхатдан ўтиш имконияти берилади.
Бу масалада ёрдам сўраб, Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси ва Россия минтақаларидаги Бош консулхоналарига ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг қўйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин.
Дипломатик ваколатхоналар ва уларнинг телефон рақамлари
Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин фармони билан Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган хорижий давлат фуқароларига 2021 йил 15 июнга қадар ўз мақомларини қонунийлаштиришга рухсат берилган.
Куни кеча Россия ИИВ мамлакатдаги Ўзбекистон ҳамда бошқа МДҲ давлатларидан бўлган ноқонуний мигрантлар 15 июнга қадар мамлакатни тарк этиши кераклигини таъкидлаган эди. Акс ҳолда уларга нисбатан жазо қўлланилади, яъни мигрантлар чиқариб юборилади ва улар узоқ муддат Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.