ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Сенаторлар авиачипталар нархининг қимматлиги юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитасига (МҚКҚ) сўров юборди.
Хабарда ёзилишича, айрим йўналишлар учун авиачипталар нархи ўта қиммат. Бу фуқароларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Сенат маълумотларига кўра, бугунги кунда парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган Тошкент–Олмаота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи фақат бир тарафга 4,7 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Ҳолбуки, парвоз вақти 3 соат 40 дақиқадан иборат Тошкент–Москва йўналиши бўйича авиачипта нархи 4,2 миллион сўм, Тошкент–Рига йўналиши бўйича 2,8 миллион сўм (парвоз вақти 5 соат 30 дақиқа), Тошкент–Нью-Йорк йўналиши бўйича эса 6,5 миллион сўм (парвоз вақти 12 соат) этиб белгиланган.
“Кўриниб турибдики, парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган
Тошкент–Олмаота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи ундан бир неча соат кўп парвоз қилинадиган йўналишлар учун белгиланган нархлардан сезиларли даражада юқоридир. Ушбу “тушунарсиз ҳолат” фуқароларимиз учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда”, - дейилган хабарда.
Тошкент–Олмаота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи ундан бир неча соат кўп парвоз қилинадиган йўналишлар учун белгиланган нархлардан сезиларли даражада юқоридир. Ушбу “тушунарсиз ҳолат” фуқароларимиз учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, аҳоли билан жойларда ўтказилган мулоқотлар ва тегишли таҳлиллар шуни кўрсатганки, масъуллар нарх белгилашда фуқаролар тушиб қолган танловсиз, мураккаб вазиятдан инсофсизларча фойдаланмоқда.
“Бундан ташқари, Қозоғистонга чегарадан пиёда ёки автотранспорт воситасида ўтишга Қозоғистон томонидан пандемия сабабли тақиқ қўйилган ва бизнинг масъулларимиз ана шундай шароитда фуқароларимиз мажбурлигидан ҳам қиммат нархда чипта сотиб олаверади, деган ишонч билан ўз юртдошларининг манфаатларига зид ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) қилмоқда”, — дейилади Сенат хабарида.
Оқибатда ишлаш ёки бошқа мақсадларда қўшни Қозоғистонга кетаётган фуқаролар яна асоссиз ва ортиқча харажат қилишга мажбур бўлмоқда.
Сенат Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шоҳрух Шораҳмедовга Тошкент–Олмаота йўналиши бўйича авиачипталар ҳаддан зиёд юқори нархда сотилаётганлигини ўрганиб чиқиш ва натижаси борасида маълумотларни тақдим этиш юзасидан сенаторлар сўровини юборган.