ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида солиқчилар ёйма ҳолатда савдо қиладиган аёлларнинг молини тортиб олиб, уларни судраб кетаётган акс этган видеолавҳа тарқалди.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев бунга муносабат билдирди ва халқдан узр сўради.
“Бу жуда уятли иш. Бу солиқ идоралари ходимлари шаънига, вазифаларига тўғри келмайди. Бунда ўзларини ноўрин тутган ва хизмат вазифасини ноўрин бажарган ходимлар, албатта, тегишли жазо чоралари кўрилади. Солиқ органлари куч ишлатар идора эмас, аксинча тадбиркорларга кўмаклашувчи идора. Мен, ҳурматли фуқароларимиздан ва халқимиздан мана шундай солиқчилар орамизда борлиги учун узр сўрайман”, - деди Кудбиев.
ДҚС раиси бу масаланинг охиргача етишини ва кўрилган чоралар тўғрисида қўшимча ахборот берилишини маълум қилди.