ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида бир қизни уйланиш учун ўғирлаб кетган шахсга нисбатан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, 12 март куни қозоқ миллатига мансуб бўлган фуқаро 27 ёшли М.Қ. таниши 21 ёшли У.М.ни эркига хилоф равишда никоҳдан ўтиш учун ўғрилаб кетган. Қизни уйига олиб келиб, у билан никоҳдан ўтишга мажбурлаган.
Бироқ қиз қаршилик кўрсатиб, қочиб кетишга муваффақ бўлган. Кейин йигитнинг устидан ИИБга ариза билан шикоят қилган.
М.Қ.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 136-моддаси 1-қисми (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов департаменти бу турдаги жиноятлар учун қонунда 3 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилганини эслатган.