ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Ўзбекистонда ижарада яшаётган талабаларга 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда маълум бўлди.
ЎзА хабарига кўра, бугунги кунда 130 мингдан зиёд олийгоҳ талабалари ижарада яшайди. Бу масалани ҳал қилиш бўйича ҳукумат томонидан алоҳида дастур тайёрланмоқда.
Унга кўра, бундай фарзандларимизга 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади. Албатта, бу ҳам давлатнинг пули, лекин бошқа иложимиз йўқ.
Таъкидланишича, дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг ёш қамраб олинади. Шу билан бирга, эҳтиёжманд талабаларга ушбу харажатлар ҳокимликлар ва олийгоҳлар маблағи ҳисобидан ҳам қоплаб берилади.
Ушбу мақсадлар учун 100 миллиард сўм ажратилади.
Президент олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, молия вазири Тимур Ишметов, ректор ва вилоят молия бошлиқларига ижарада турган талабалар билан учрашиб, 1 майдан тўловларни бошлаш бўйича топшириқ берди.