ТОШКЕНТ, 9 апр – Sputnik. "Миссис Шри-Ланка-2021” танловининг финал босқичида ғолиб бўлган соҳибжамол ва ҳайъат аъзоси ўртасида жанжал юзага келди.
Sputnik Туркия хабарига кўра, "Миссис Шри-Ланка" унвонига Пушпика Де Силва сазовор бўлган, аммо тож кийдириш маросими вақтида ҳайъат аъзоларидан бири саҳнага отилиб чиқиб онлайн-эфирда Пушпиканинг бошидан тожни юлиб олган. Жюри аъзоси Пушпика ажрашганлигини, демак-ки у танлов ғолибига айлана олмаслигини иддао қилган.
"Мавжуд қоидаларга мувофиқ, ажрашган аёллар танловда қатнашиш ҳуқуқига эга эмаслар. Айнан шу боис, тожни иккинчи ўринга муносиб кўрилган гўзалга тортиқ этиш лозим", — деб бақирган саҳнада туриб танлов натижасидан норози Каролин.
Тожидан маҳрум бўлган гўзал кўзида ёш билан саҳнани тарк этган.
Сал кейин ғолиб Facebookда ўзининг ажрашганлиги ҳақидаги маълумотларни рад этган.
Натижада танлов ташкилотчилари ғолиб аёлдан узр сўрашган ва унга тожни қайтариб беришган. Гап шундаки, Де Силва эри билан бирга яшамаса-да, аммо расман улар ажрашишмаган. Танловдаги ғалабасини аёл ёлғиз аёлларга бағишлаган.