“Ўзбеккино” номи ўзгартирилди

Президент фармони билан "Ўзбеккино" миллий агентлиги Кинематография агентлиги этиб қайта номланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. “Ўзбеккино” миллий агентлиги Кинематография агентлиги этиб қайта номланди. Бу президент Шавкат Мирзиёев имзолаганКино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонда айтилган.
Фармон билан Агентликка “Олтин Хумо” миллий кино мукофоти тақдимотини ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб бориш, “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалини таъсис этиш ва уни 2021 йилдан бошлаб мунтазам ўтказиб бориш бўйича ташаббус кўрсатиш вазифаси юклатилмоқда.
Кинематография агентлиги олдига хорижий кинокомпанияларни мамлакатга жалб қилиш ва ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш вазифаси қўйилган.
Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланади
Миллий сериаллар ишлаб чиқаришни давлат томонидан рағбатлантириш, анимацион фильмлар ишлаб чиқаришга ёш мультипликатор ва аниматорларни кенг жалб қилиш унинг асосий устувор йўналишларидан бири бўлади.
Шунингдек, агентлик зиммасига соҳада муаллифлик ҳуқуқининг кафолатли ҳимоя қилинишини таъминлаш, кинопрокат тизимини ривожлантириш ва миллий фильмларни жаҳон кино бозорларига олиб чиқиш вазифаси юклатилган.