ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Ўзбекистон ва Қатар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовнинг Қатар авиация идоралари вакиллари билан учрашувида маълум қилинди.
Қатар делегацияси республикага икки мамлакат ўртасидаги ҳаво қатновига доир Ҳукуматлараро битим тузиш, шунингдек, тўғридан-тўғри йўловчи авиақатновларни йўлга қўйиш масалаларини кўриб чиқиш учун келган.
Таъкидланишича, ҳаво қатнови тўғрисида битим имзоланиши Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш, сайёҳлик ва ишбилармонлик алмашинувини жадаллаштирилишига хизмат қилади.
“Qatar Airways” департаменти раҳбари Салам ал-Самаррий Ўзбекистонга парвозларни амалга ошириш ва республика минтақавий аэропортларида жорий қилинган "очиқ осмон" режимидан фойдаланишга қизиқиш билдирган.
Шунингдек, Форс кўрфазининг бошқа мамлакатларидан ҳам сайёҳларни жалб қилиш мумкинлиги таъкидланди.