ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Ўзбекистон ва Қирғизистон саноат кооперацияси соҳасида 550 млн доллардан ортиқ бўлган 60 та қўшма лойиҳани амалга оширади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаковнинг Қирғизистон энергетика ва саноат вазири Кубанчибек Турдубаев билан учрашувида маълум бўлди.
“Иннопром” кўргазмасида доирасида бўлиб ўтган ушбу учрашувда томонлар саноат кооперацияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни қабул қилган. Унда 550 млн доллардан ортиқ бўлган 60 та қўшма лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, “Йўл харитаси”ни янги саноат лойиҳалари билан тўлдириш учун биргаликда иш олиб бориш мақсадида яқин ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Соҳага оид бир қатор масалалар муҳокама қилинди, уларнинг ҳал этилиши бу борадаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш имконини беради.
Қайд этиш жоизки, мавжуд икки томонлама келишувларга кўра, бу йил давомида ўзбек-қирғиз савдо ҳажмини 1 млрд долларга, кейинги бир неча йил давомида эса 2 млрд долларга етказиш вазифаси қўйилган.
Шу нуқтаи назардан, томонлар етказиб бериш тизимини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни истиқболли бозорларга олиб чиқиш бўйича улгуржи-тақсимот ва логистика марказларини ривожлантиришни жадаллаштиришга келишиб олди.