Фарғонада йирик миқдордаги долларларни ярим нархида сотаётган шахслар қўлга олинди

Фуқаролар сохта валютани пулларни полиграфик усулда нусха кўчириб кўпайтирувчи рангли принтер ёрдамида тайёрлаганликлари аниқланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида йирик миқдордаги сохта долларларни қарийб ярим нархида сотаётган фуқаролар ички ишлар ходимлари ва ДХХ томонидан қўлга олинди.
Фуқаролар вилоят ИИБ ЖҚБ ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-тадбирда қўлга олинган.
Сохта 20 минг долларни сотмоқчи бўлган қирғизистонлик қўлга олинди
Терговга қадар текширувда 42 ёшли Козим, 36 ёшли Шавкатбек ва 48 ёшли Абдувохид 24 850 АҚШ доллар қийматига тенг сохта пулларни шартли равишда мижоз сифатида жалб қилинган фуқарога Қўқон шаҳридаги чойхоналарнинг бирида 10 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, ушбу фуқаролар сохта валютани пулларни полиграфик усулда нусха кўчириб кўпайтирувчи рангли принтер ёрдамида тайёрлаганликлари аниқланган.
Қўқон шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 24 850 АҚШ долларини сотаётган фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми “а” банди (Қалбаки пуллар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.