ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Ўзбекистон яқин йилларда туристлар оқимини қабул қилишга тўлиқ шай ҳолатда туриши керак, дея фикр билдирди бугун Тошкентда бўлиб ўтган "Меҳмондўстлик саноатини қайта ишга тушириш 2020/2021. Имконият ва истиқболлар" мавзусидаги
"Hotel Business Forum - 2021" форумида онлайн қатнашган Бутужаҳон Туризм ташкилоти (UNWTO) минтақавий департаменти директори Алессандра Прианте.
Прианте хонимнинг таъкидлашича, 2020 йилда COVID-19нинг туризм соҳасига етказган зарбаси қақшаткич бўлди. 2020 йил - туристик секторлар ва меҳмонхона бизнеси энг кўп ёпилган йил сифатида муҳрланди.
Унинг айтишича, 2019 йил билан таққослаганда бутун дунёда туристик сектор 74 %га қисқарди. Бошқача айтганда, 100-120 миллионга яқин тўғридан-тўғри туристик йўналишлар ёпилди, путёвкалар қайтарилди. Умумий йўқотишлар миқдори 1 триллион долларни ташкил этди.
Бутужаҳон Туризм ташкилоти (UNWTO) минтақавий департаменти директори 2024 йил охирига келиб бутун дунёда туризм сектори 2019 йилдаги рақамларга эришиш истагида эканини маълум қилди.
Халқаро эксперт туристик оқимларни тўлиқ қайта тиклаш учун UNWTO коронавирус пандемиясига қарши курашиш мақсадида қатор жиддий инструментларни ишлаб чиққанини қайд этди.
“Бу инструментлардан Ўзбекистон ҳамиша фойдаланиб келган. Чунки бу олий сифат стандартларига мос келади. Биз, шунингдек, Глобал туризм бўйича Инқирозга қарши курашиш қўмитасини тузганмиз. У Мадридда жойлашган ва ҳар ойда барча шерик-ташкилотлар билан биргаликда, жумладан, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси, Осиё давлатлари, Лотин ва Марказий Америка мамлакатлари йиғилиб, олдимизда турган муаммоларни муҳокама қиламиз. Бугун давлатлар вакциналашни – биринчи даражали устуворлик сифатида тан олишмоқда. Биз глобал кўламда қўлланилиши мумкин бўлган вариантларни ишлаб чиқмоқдамиз. Шунингдек, дунё кўламида туризм билан боғлиқ бир қанча материалларни ва тавсияларни ҳам чоп этдик. Буларнинг барчаси чегаралар очилгандан кейин давлатларга туристик секторни қайта тиклашга ёрдам беради”, - дея маълум қилди Прианте.
Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкент шаҳрида коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини бартараф этишдаги асосий масалалар муҳокамасига бағишланган “Меҳмондўстлик саноатини қайта ишга тушириш 2020/2021. Имконият ва истиқболлар” мавзусида форму бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Отельерлар Aссоциацияси томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида ўтказилиб, унда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Aзиз Aбдуҳакимов иштирок этди.
Тошкент вилояти туризмни ривожлантириш департаменти, меҳмонхона эгалари, шунингдек туроператорлар ҳам иштирок этган ушбу онлайн тадбирда пандемиядан энг кўп талофот кўрган туризм соҳаси равнақи йўлида олиб борилиши мумкин бўлган вазифалар хусусида маърузалар бўлди.
Онлайн учрашувда, шунингдек халқаро экспертлар ҳам ўзларининг қизиқарли маърузалари билан иштирок этиб, зарурий маслаҳат ва таклифлар берилди.