ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Навоий вилоятида фуқарога пичоқча билан жароҳат етказган ака-укалар устидан жиноий иш очилди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилмоқда.
Ҳодиса 25 март куни тунги соат 02:30ларда Навоий шаҳар И.Каримов кўчасида жойлашган “Амфитеатр” мажмуаси қаршисида рўй берган. 30 ёшли Жалолиддин Н. ва 27 ёшли Жамолиддин Н. “Nexia-Ravon”да ҳаракатланиб кетаётганларида улар билан ёнма-ён ҳаракатланаётган “Malibu” ҳайдовчиси 28 ёшли Умид Х.га “нега ўқрайиб қарайсан” деб чеккага тўхташган.
Кейин ҳеч бир сабабсиз ўзаро жанжаллашишган. Натижада Умид Х.нинг ўнг оёқ сон соҳасига пичоқча билан бир неча маротаба уриб жароҳат етказганлар.
Ака-укаларга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “а, б, в” банди (Безорилик, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан совуқ қурол билан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда