“Сен ўғил фарзанд туғмайсан”: навоийлик аёлнинг фожиали ўлими тафсилотлари очиқланди

Ўз жонига қасд қилган аёлнинг турмуш ўртоғи унга “Сен ўғил фарзанд туғмайсан” деб таъна қилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги “Совунгар” маҳалласида яшовчи аёл ўзи ва фарзандларининг жонига суиқасд қилгани билан боғлиқ ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Она ҳодиса туфайли ҳалок бўлган, унинг уч қизи эса омон қолган.
Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова Навоий вилояти ҳокимлигига хат билан чиққан ва ҳодиса сабабларини ўрганган.
Маълум бўлишича, фуқаро З.Ж.нинг оилавий шароити моддий жиҳатдан ўртаҳол ва руҳий жиҳатдан соғлом бўлган.
“Сўнгги вақтларда у билан турмуш ўртоғи О.Р. “Сен ўғил фарзанд туғмайсан” деб жанжаллашиб турганлиги сабабли, унинг руҳиятида ўзгаришлар бўлган”, - дейилган Сенат хабарида.
Лекин аёл қолган оила аъзолари ёки бошқа шахслар билан келишмовчиликка бормаган.
Жорий йилнинг январь ойида аёл яна қиз фарзандга ҳомиладор эканини билган. Натижада аёл ўз хоҳиши билан ҳомиласини олдириб ташлаган.
Бундан ташқари, у оиласидаги келишмовчилик юзасидан бирор маротаба МФЙ ходимларига ёки туман ИИБ профилактика инспекторига мурожаат қилмаган.
Сув омборидаги қотиллик: Наманганда аёл икки фарзандини ўлдириб, сўнг ўз жонига қасд қилди
Айни вақтда Навоий транспорт прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган.