ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев энди бюджет маблағи талон-торож бўлса, мутасаддилар қаторида прокурорлар ҳам жавобгар бўлишини маълум қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, туман ва шаҳар ҳокимининг иқтисод, қурилиш ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари ўз дастурлари доирасида зарур маблағлар ва амалга ошириши лозим бўлган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга, ҳудудий кенгашларда ҳимоя қилади.
Маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари “манзилли дастури”ни тасдиқлайди. Бунда, дастурлар доирасида маҳалла раислари ва аҳолининг “ижтимоий ҳамкорлиги”ни ҳам назарда тутиш зарур.
Яъни давлат янги йўл қуриб берса, унинг атрофига дарахт экиш, қазиб берилган ариқ ва зовурларни кейинчалик тозалаш, қурилган биноларнинг бутун сақланишини таъминлаш бўйича маҳалла аҳолиси ўзига мажбурият олади.
“Умуман, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари аниқ билиб олсин – лойиҳа-смета ҳужжатларисиз қурилиш ишларини бошлаш ман этилади”, - деди президент.
Йиғилишда бош прокурор ўринбосари Акмалхўжа Мавлонов бундан буён республика ва маҳаллий бюджетдан ажратилаётган жуда катта маблағларни манзилли, талон-торож қилмасдан, ҳар бир сўм қандай самарали ишлатилишини прокуратура тизими, туман ва шаҳарлар прокурорларининг ёрдамчилари томонидан қандай назорат қилинишини тушунтириб берди.
“Мени бир савол қийнайди: нега шунча чора-тадбирларга қарамай, ўғриликлар, бюджет маблағларини талон-торож қилиш камаймаяпти? Энди бюджет маблағи талон-торож бўлса, мутасаддилар қаторида прокурорлар ҳам жавобгар бўлади”, — деди Шавкат Мирзиёев.