Худойберди Тўхтабоевнинг асарлари ўзбекларнинг камида тўртта авлодини тарбиялади.
Хўш, унинг машҳурлиги сири нимада эди?
Авваламбор, Худойберди Тўхтабоев содда, тушунарли ва самимий ёзарди. Бежизга болалар ёзувчиси эмасди-да. Ва бир умр шундайлигича қолди.
Иккинчидан, унинг тили юморга бой эди. Ҳа, айнан тили. “Сариқ девни миниб”да кулгили воқеаларга алоҳида урғу берилганига қарамай, унинг бошқа асарларида ҳам услубда юмор устуворлик қилади. Ҳатто анчайин аянчли воқеалар баён этилган, услуб жиҳатидан ғамгин битилиши лозим бўлган (етимлик, ночорлик, очлик, сарсон-саргардонлик) “Беш болали йигитча” да ҳам шуни кўриш мумкин.
Учинчидан, собиқ фельетончи сифатида ўз даврида жамиятнинг долзарб масалаларини тилга олган. Албатта, бугунги кунга келиб, бу масалалар аллақачон кун тартибидан тушиб қолган, лекин ўз вақтида намоён этилган долзарблик ва ҳозиржавоблик, ёзувчининг танилишига хизмат қилган бўлиши табиий.
Тўртинчидан, субъектив сабаблардан бири, ёзувчи адабиёт майдонига кириб келган даврда миллат ўз эртакларидан воз кечмаган, у ҳали эртаклар романтикасида яшаётган эди. Қолаверса, эртаклар нашр этилиб, уларга иккинчи ҳаёт бахш этилган, улар ўта оммалашган эди. Шундай бир ҳолатда, ёзувчининг эртак орқали ўртага чиқиши айни муддао бўлган.
Албатта, “қайта қуриш” даврига келиб ёзган бир-икки асарлари олқишлар билан кутиб олинмади. Бир ўртада танқидлар бўлди. Ўз даврида олқишлар билан қарши олинган “Қасоскорнинг олтин боши” романи давр ўзгардими, ғоя ўзгардими, иккинчи ўринга тушиб қолгандай бўлди.
Бора-бора жамиятда китобга, адабиётга эътибор сусайиши туфайли адибнинг кейинги асарлари олдинги китобларининг шуҳратини такрорлай олмади. Давр ўзгараётган, одамлар ўзгараётган, мавзу ўзгараётган эди. Ҳошимжоннинг ўрнини Спайдермен ва унинг “ошна”лари эгаллаб олди...
Худойберди Тўхтабоев эса ўз ўқувчиси, мавзусига содиқ эди...
Барибир “Сариқ девни миниб” ўзбек болалар насрининг энг етук ва сара намунасилигича қолаверди.
Бу ҳар бир бола ўқиши керак бўлган асар. У инсонга орзу ва тафаккур қилишни ўргатади, китоб ўқиш, катталар зўр бериб мажбурлаётганига қарамай, мароқли машғулотлигини исботлаб беради.
Афсуски, бугун ўзбек болалар насрида бу каби асарлар битилмаяпти. Афсуски бу йўналишдаги сўнгги адиб ҳам ҳаётни тарк этди... Ҳаётни тарк этди, лекин адабиётни эмас!