ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Маданият вазири Озодбек Назарбеков Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев вафоти муносабати билан таъзия изҳор этди.
Аввалроқ Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Давлат мукофоти совриндори Худойберди Тўхтабоев бу ёруғ оламни тарк этгани хабар қилинган эди.
Вазир ўзбек болалар адабиётининг устуни бўлган сермаҳсул, серқирра ижодкор Худойберди Тўхтабоевнинг бой ижодий мероси, босиб ўтган ибратли ҳаёти халқ учун улкан фахр, ифтихор эканини қайд этган.
“Қарийб 90 йиллик умри давомида ҳаётнинг барча яхши ва аччиқ изтиробли кунларини бошидан кечирган, уларни ўз асарларида моҳирона тасвирлаб, беғубор қалбларга эзгулик уруғини қадаб кетган буюк ижодкор бобомизнинг асарлари ҳали минг-минглаган авлодларга ҳаёт сабоғини беради. Зеро, болаликнинг мангу қўшиғи асло сўнмайди!”, - дея ёзган Назарбеков ўз телеграм каналида.