ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Ўзбекистонда яна бир соҳада қонунбузарлик ҳақида хабар берган фуқароларга пул мукофоти бериш таклиф қилинмоқда. Тегишли қонун лойиҳасини Адлия вазирлиги жамоатчилик муҳокамасига қўйган.
Тегишли қонун лойиҳаси билан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб фото ва видео орқали ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ундан мақсадсиз фойдаланиш, уларда ноқонуний объектлар қуриш ҳамда тегишли ҳужжатларда белгиланганидан ортиқча ердан фойдаланиш тўғрисида аниқланган ҳолатлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш таклиф қилинмоқда.
Уларга ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан БҲМнинг 10% (24 500 сўм) миқдоридаги пул мукофоти берилиши мумкин.
Қонун лойиҳаси билан 2021 йил 1 августдан бошлаб янги ажратилган ер участкаси ёки қурилган (қурилиши тугалланмаган) бошқа кўчмас мулк объектининг фасад қисмида уларнинг эгалари томонидан QR-код жойлаштирилиши кўзда тутилмоқда.
Шу мақсадда 1 августгача барча ер фонди участкалари, бино ва иншоотлар, шу жумладан енгил қурилмалар хатловдан ўтказилиб, давлат реестрига QR-код бириктирилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда фуқаролар нотўғри жойда ахлат ташланганлик, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганликлари учун пул мукофоти белгиланган.