Мирзиёев Наврўз арафасида 140 кишини афв этди. Улар орасида чет элликлар ҳам бор

Афв этилганларнинг 12 нафарини чет эл фуқароси, 9 нафарини 60 ёшдан ошган шахс, 13 нафарини аёл ҳамда 14 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахс ташкил этади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 мар - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Фармони билан 140 нафар фуқаро афв этилди.
“Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди, деб хабар қилмоқда Адлия вазирлиги.
Фармонга мувофиқ, жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 140 нафар фуқаро афв этилди.
Энди президент ўз ташаббуси билан исталган маҳкумни афв этиши мумкин
Афв этилган шахсларнинг 4 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 69 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 8 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди.
Шунингдек, 59 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди. Афв этилганларнинг 12 нафарини чет эл фуқароси, 9 нафарини 60 ёшдан ошган шахс, 13 нафарини аёл ҳамда 14 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахс ташкил этади.