Қашқадарёда хотини билан жанжалдан сўнг эр ўз уйини портлатди

Қашқадарёлик эркак 8-март арафасида хотини билан жанжаллашиб, қаттиқ жазавага тушган ва газ балонни очиб, уйни ичи газга тўлгач, гугурт чақиб, хонадонни портлатган. Ушбу ҳодиса оқибатида эр-хотинни яраштиришга келган маҳалла котиби ва инспектор жабрланган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 мар – Sputnik. Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшовчи эркак оилавий келишмовчиликлар оқибатида ўзи яшайдиган хонадонни портлатиб юборди, деб хабар берилди "Замон" информацион дастурида.
Репортажда айтилишича, ҳодиса Қарши туманидаги "Ширкент" маҳалласида содир бўлган. Байрам арафасида эр-хотин ўртасида жанжал чиққан. Эри томонидан калтакланиб, ҳақоратланган аёл маҳалла инспекторига қўнғироқ қилиб, эри оила аъзоларининг ҳаммасини ўлдириш билан таҳдид қилаётганини айтади.
Самарқандда хотини ва унинг жазманини ўлдирган эркак узоқ муддатга қамалди
Воқеа жойига маҳалла котиби ва нозири етиб келганида, эркак уларни кўриб янада жазавага тушиб, уй ичига кириб кетган. Ўша вақтда у газ балонни очиб қўйган бўлган.
Профилактика инспектори эркакни тинчлантириш учун пуйга қайтиб кирганида, эркак ис газига тўлиб турган хонада гугурт чаққан ва уйни портлатиб юборган.
Қашқадарёлик эркак рашк туфайли ўз хотинини арқон билан бўғиб ўлдирди
Оқибатда маҳалла котиби ва нозири тан жароҳати олиб, шифохонага етказилган. Шунингдек, уйнинг ошхона ва ётоқхона қисми қулаб тушган.
"Жаҳлим чиқиб турган эди. Ўзимни кўрсатмоқчи бўлдимми, билмайман. Хотиним у деди, мен бу дедим. Қилган ишимдан пушаймонман, азобини кўряпман", — дейди сюжет охирида эркак.
Айни вақтда туман прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.