ТОШКЕНТ, 19 мар - Sputnik. Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев журналистлар билан учрашувда "Шоввозсой" дам олиш зонаси ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Аввалроқ ижтимоий тармоқларда "Шоввозсой" дам олиш маскани Ўзбекистон раҳбарияти учун қурилгани ҳақида тахминлар пайдо бўлган эди. Шундан сўнг "Ўзбекистон темир йўллари" ушбу хабар асоссиз ва нохолис экани ҳақида расмий баёнот эълон қилган эди.
Мирзиёев дам олиш зонаси хусусида тўхталар экан, бу ""Ўзбекистон темир йўллари"нинг давлат корхонаси. Ҳеч ким у ерда туриб, яшамайди ёки бировга ўтказилгани йўқ. У давлатнинг жойи. Президентнинг нима алоқаси бор?", - дея қайд этди.
"Президент ҳам агар қандайдир мартабали, Ўзбекистонга фойдаси тегадиган инсон келса, боради. Айтмайсизларми, Президент билан биз пиёда юрамиз, сизлар ҳам келиб, бир марта пиёда юриб кўринглар, кейин Президент 5 йилда неча марта дам олибди экан, деган саволни нега бермайсизлар?" — дея давом этди Ўзбекистон етакчиси.
Ўзбекистон темир йўллари"нинг эслатишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилдаги қарорига асосан, Угам-Чотқол миллий табиат боғи тасарруфидаги "Шоввозсой" ўрмон хўжалиги ерлари "Ўзбекистон темир йўллари" компаниясига темир йўлчилар ва уларнинг оила аъзолари, компаниянинг хорижий ҳамкорлари, мамлакат аҳолиси ва чет эллик сайёҳлар учун замонавий экотуризм масканини барпо этиш ҳамда мавжуд экотизимни сақлаб қолиш мақсадида ажратилган.
"Бу ерда 2011 йилдан бошлаб, яъни 10 йил давомида босқичма-босқич қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилган. Барча инвестициялар темир йўл компаниясининг бюджетдан ташқари маблағлари, жумладан, даромадлари ҳисобидан амалга оширилган", — дейилади хабарда.
Компания маълумотларига кўра, ўтган 10 йил давомида дам олиш маскани қурилишига сарфланган инвестициялар ҳажми 495 миллиард сўмни ташкил этган.
"Ушбу дам олиш ва соғломлаштириш масканларида "Ўзбекистон темир йўллари" билан шартнома ва йўлланмалар асосида, темир йўлчилар билан бир қаторда, президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, турли вазирлик, идора ва давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, республика аҳолиси ва чет эллик инвесторлар, ҳамкорлар ва сайёҳларга экотуризм ва экстремал туризм, саломатликни мустаҳкамлаш ва қайта тиклаш хизматларини кўрсатиб келмоқда", — дея қайд этилган баёнотда.