ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев хусусий сектор коронавирусга қарши вакцинани Ўзбекистонга олиб келиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар қилмоқда.
У 4,1 миллиондан ортиқ аҳоли, биринчи навбатда, қариялар, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим ходимлари бепул эмланишини эслатиб ўтди. Юсупалиевнинг сўзларига кўра, “Темир дафтар”га киритилган фуқароларни ҳам бепул эмлашга ҳаракат қилинади.
“Лекин шу билан бирга аҳолимизга фақатгина бепул эмас, балки пуллик эмланиш имкониятини яратишимиз керак. Бу масала бўйича аниқлик киритишимиз керак, ҳозирги кунда вакцина танқислиги туфайли давлат хусусий сектори вакцина олиб кира олмаяпти. Сабаби дунё бўйича вакцина етишмаяпти. Агар хусусий сектор вакцинани Ўзбекистонга бемалол олиб кириб, ўзи эмласа ҳеч қандай эътирозлар йўқ”, - деди у АОКАдаги матбуот анжуманида.
Вазир ўринбосари бунинг учун ССВ томонидан лицензия берилишини таъкидлади. Бугунги кунда республика бўйича 90 тага яқин эмлашни ўтказиш учун шундай лицензияга эга бўлган хусусий ташкилотлар бор.
“Улар, албатта, (вакцинани – таҳр.) олиб кириши мумкин ва пуллик асосда эмланиши мумкин”, - дея хулоса қилди Юсупалиев.