ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. Ўзбекистон Фанлар академияси “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини тайёрлади.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасида лотин ёзувига асосланган, 28 ҳарф ва 1 та ҳарфлар бирикмасидан иборат ўзбек алифбоси жорий этилади.
Ҳужжатга кўра, қонундан кўзланган мақсад мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбосидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини, имло қоидаларини янада такомиллаштириш ва янги ёзувга тўлиқ ўтишни таъминлаш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ҳамда жаҳон миқёсидаги мавқеини мустаҳкамлаш ва давлат тилининг амалиётга кенг жорий этилишини таъминлашга қаратилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги 931-XII-сонли Қонунининг 1-моддасига ўзгартириш киритиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, 10 февралда ҳукумат қарори билан Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланганди.