ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. АҚШнинг Пердью университети олимлари дунёнинг турли давлатлари аҳолиларига, шу жумладан, ўзбекистонликларга ҳам улар ўзларини бахтиёр ҳис қилишлари учун қанча пул кераклигини аниқлашди.
Тадқиқот давомида 1,7 миллион киши маълумотлари ўрганилган, мутахассислар шунингдек уларнинг даромадлари ва ҳаётдан қониқишлари даражасини ҳам солиштиришган.
Маълум бўлишича, пул қанча кўп бўлса, инсон шунча бахтлироқ бўларкан, аммо маълум чегарагача.
Бундан ташқари, даромадларнинг кўпайиб боравериши янаям каттароқ бахтсизликка олиб келиши мумкин экан.
"Бахтни сотиб олиб бўлмайди, лекин пул сизнинг бахтсизлигингизни қисқартириши мумкин. Ишончли ва қулай даромад шунчаки ҳаётни енгиллаштиради. Қашшоқлик стрессни юзага келтиради ва узоқ муддатли зарар етказади", — дейилади тадқиқотда.
Рўйхатда кам миқдордаги пул билан ҳам фуқаролари бахтли бўладиган давлатлар сирасига Суринам (6 799 доллар), Аргентина (8 788 доллар), Ангола (8 788), Қирғизистон (8 997) ва Эрон (10 134) ўрин олган.
Бу 160 та давлат ичида энг "бюджет" кўрсаткичлардир.
Бу оралиқда Бермудлардаги "бахт нархи" ҳаммасидан ошиб тушган: бу мамлакат аҳолиси йилига 143 933 доллар ишлаб топишни исташади.
Рейтингда кейинги ўринларда Австралия (135 321) ва Исроил (130 457) турибди. Етакчи бешликни Швейцария (128 969) ва Янги Зеландия (128 844) якунлаган.
Марказий Осиёдаги "бахтли ҳаёт картинаси" жуда ранг-баранг. Бу ерда Туркманистон ажралиб турибди. Барча зарур нарсаларга эга бўлиш учун ушбу мамлакат аҳолиси йилига 50 393 доллар даромад олиши керак экан (тахминан 176 минг туркман манати).
Ўзбекистон ва Тожикистондаги "бахт баҳоси" бир-бирига яқин: 21 960 (230 536 080 сўм) ва 22 850 доллар (260 262 сомоний).
Қозоғистонликлар ўзларини бахтли ҳис этишлари учун йилига 14 607 доллар ишлаб топишлари керак бўлар экан – бу 6 миллион тенгедан кўпроқ дегани.