ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Фарғона вилояти Қува туманида ноқонуний никоҳ ўқиган домла профилактика инспекторига пора бераётганида қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, фуқаро С.З Қува тумани ИИБ профилактика инспектори Т.З.га мурожаат қилиб, ноқонуний равишда шаръий никоҳ ўқиганлиги сабабли ўзига нисбатан тўпланган ҳужжатлар юзасидан чора кўрмасликни сўрайди. Бунинг эвазига 2 миллион сўм пора таклиф қилади.
Инспектор фуқарога бу пора бериш жинояти экани ва жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида бир неча маротаба огоҳлантиради. Уни жиноятдан қайтаришга ҳаракат қилишига қарамасдан, фуқаро пора таклиф қилишда давом этган.
Натижада ҳолат юзасидан тезкор тадбир ўтказилади. Унда фуқаро С.З. профилактика инспектори Т.З.нинг хизмат хонасида келишилган пуллардан 1,2 сўм миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Қува тумани прокуратурасига юборилган.