ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида кўп квартирали уй-жойлар қурилади.
Фармон билан 2021 йилда янги тартиб доирасида:
- республика бўйича жами 33 114 та квартиралар ва якка тартибдаги уй-жойлар;
- қишлоқ жойларда 8 336 та квартирадан иборат кўп қаватли арзон уй-жойлар;
- фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун 3 550 та квартирадан иборат кўп қаватли уй-жойлар қурилади.
Шунингдек, 2021 йил учун уй-жойларнинг ҳисобланган қиймати, бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредити ва дастлабки бадалнинг бир қисми учун Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидияларнинг энг кўп миқдори тасдиқланди.
Жисмоний шахсларга якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредитларни ажратиш тартиби барча ҳудудларда жорий этилди (илгари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий этилган эди).
Бунда:
кредитлар Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда 500 та, жами 6 500 та якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) учун ажратилади;
кредитлар ипотека кредитининг энг кўп миқдорларидан ошмайдиган ва дастлабки бадали якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) ишлари қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, 6 ойлик имтиёзли давр билан 20 йил (йигирманчи йилни ҳам қўшган ҳолда) муддатга ажратилади;
даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларга якка тартибдаги уй-жойларга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки 5 йил мобайнида фоиз ставкасининг 10 фоизлик пунктдан ошган қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади;
субсидиялар қурилган (реконструкция қилинган) якка тартибдаги уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўланади.