ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда вазир Н.Ҳусанов, унинг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов ва Исроилнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Зехавит Бен Ҳиллел, бош консул Идан Давид ва бошқа масъул ходимлар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг меҳнат бозоридаги мавжуд вазият, ташқи меҳнат миграцияси соҳасида, хусусан, мигрантлар учун касб-ҳунар таълими ва ўқитиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Исроилнинг миграция ҳолати, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Исроил давлати Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган ва Исроил давлати ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган меҳнаткаш-мигрантларни ташкилий асосда жалб қилиш, ишга жойлаштириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги битимни имзолаш масалалари муҳокама қилинди.