ДХХдаги вакант жойни 5 минг $га пуллаётган уддабурро шахс қўлга олинди

Жиноятчи катта лейтенант унвонидаги ДХХ формасида аризачидан келишилган 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтда, операция иштирокчилари томонидан ушланган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 мар - Sputnik. Тошкент шаҳрида ДХХга ишга киргизиб қўйиш учун фуқародан 5 000 доллар талаб қилган шахс далилий ашёлар билан ушланди, деб хабар бермоқда ИИББ ахборот-хизмати.
ДХХ Ўзбекистон бўйлаб бир нечта амалдорларни "ҳалоллик вакцинаси" билан эмлади
Хабарда айтилишича, Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро Х.Н. 3 март куни вилоят ИИББга ариза билан мурожаат қилган. Аризада, ўзини "ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи" деб таништирган шахс ўғлини ДХХ ҳарбий қисмларидан бирига ишга киритиб қўйиш учун 5 минг АҚШ доллари талаб қилаётганлигини маълум қилиб, қонуний чора кўришини сўраган.
Мазкур мурожаатга асосан, Тошкент вилояти ИИББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш ва Ўз хавфсизлик бошқармаси вилоят бўлими ходимлари ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида Чирчиқ шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган.
"ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси Кадрлар бўлими бошлиғи" деб таништирган Э.М. катта лейтенант унвонидаги ДХХ формасида аризачидан келишилган 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтда, операция иштирокчилари томонидан ушланган ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ўтказилган суҳбат давомида ушбу шахс – Сурхондарё вилоятида яшовчи 1998 йилда туғилган Э.М. ҳеч бир давлат органи ёки бошқа ташкилотда ишламаслиги, шунингдек, аввалроқ ДХХга қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаганлиги аниқланган.
Ушланган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.