ТОШКЕНТ, 6 мар — Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Aбдулла Aрипов Тошкентга ишчи ташрифи билан келган Қозоғистон бош вазирининг ўринбосари Ерали Тугжановни қабул қилди, деб хабар қилмоқда Қозоғистон бош вазири расмий сайтида.
Томонлар соғлиқни сақлаш, таълим ва фан соҳаларида Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар чоғида иккала мамлакатдаги эпидемик вазият тўғрисида фикр алмашилди, COVID-19 га қарши курашиш бўйича кўрилган чораларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди, шу билан бирга эпидемия ва пандемия бўлган тақдирда тезкор чоралар кўриш ва ўзаро таъсир ўтказиш бўйича қўшма самарали чораларни ишлаб чиқишга келишилди.
Юқори технологиялар соҳасидаги қўшма лойиҳаларни кенгайтиришга ва икки давлат ўртасида узлуксиз тиббий таълим соҳасида, тиббий таълим муассасалари талабалари ва ўқитувчилари ўртасида академик ҳаракатчанликни кенгайтириш, тегишли қўшма илмий тадқиқотларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ўзаро алоқаларни ўрнатиш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишилди.
Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари Ўзбекистонда Қозоғистон университетларининг филиалларини очиш имкониятларини кўриб чиқишни ҳамда икки давлат президентлик мактаблари ўртасида тажриба алмашишни таклиф қилди.
Учрашув якунларига кўра, Ерали Тугжанов Ўзбекистон бош вазирини жавоб ташрифи билан Қозоғистонга таклиф этди.