ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Вазирлар Маҳкамаси ўз қарори билан Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасидан ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғим миқдорини тасдиқлади. Бу базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,4 фоизи ёки 980 сўмни ташкил этади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар қилмоқда.
Йиғим президентнинг февралда имзолаган фармони билан жорий этилган ва 1 мартдан яшаган ҳар бир кун учун тўланади. Йиғимдан тушган маблағлар ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади. Бунга қадар туристик йиғим фақат чет элликлардан ундирилган.
Шунингдек, ҳукумат қарори билан Ўзбекистон бўйлаб саёҳат учун харажатларнинг бир қисмини қоплаш тартиби белгиланган.
Янги йўлга қўйилаётган авиақатновларга чипталар 25 фоиз арзон сотилиб, ушбу чипта туроператорлар орқали харид қилинса яна 15 фоиз ва умумий 40 фоиз чегирма тақдим этилади. Шунингдек, туроператорлар орқали харид қилинган темирйўл чипталарига 15 фоиз, меҳмонхона хизматларига 10 фоиз қўшимча чегирмалар берилиши белгилаб берилди.
“Фарғона водийсидан қадимий Хива шаҳрига саёҳат” турпакетини 5 кишидан иборат бир оила 6,6 млн сўмга (авиа ва меҳмонхона хизмати) харид қилганда туроператорлар томонидан давлат субсидияси ҳисобига фуқароларимизга 2 млн сўм чегирмалар берилиб, 4,6 млн сўмни ташкил этади. Бунда, субсидияланадиган авиа ва темир йўл йўналишлари, шунингдек, авиачипта ҳамда жойлаштириш воситаларининг меҳмонхона хизматлари нархларининг субсидияладиган энг юқори (чекланган) даражаси (суммаси) Махсус комиссия томонидан белгиланади.
2020 йилда туризм соҳасида жорий этилган солиқ имтиёзлари 2021 йил охирига қадар узайтирилган.