ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Ўзбекистонда махсус ишчи гуруҳлар талабалар яшаш шароити ва ҳаракатланишини мониторинг қилади. Бу ҳақда республика бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев ўтказган фавқулодда йиғилишда маълум қилинди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда жараёнида олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари, декан, шунингдек, ёшлар бўйича етакчилари томонидан талабаларнинг яшаш шароитларини таҳлил қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги танқид қилинган.
Хусусан, талабалар ижарада қаерда яшамоқда, кимникида турибди, яшаш шароити қандай, дарсдан кейин нима иш билан машғул бўлади, бўш вақтини қандай ўтказади, бу талабаларнинг ўқиш жараёнига қандай таъсир кўрсатмоқда каби жиддий масалалар кўриб чиқилди.
Айниқса, масъуллар томонидан талабаларнинг хусусий уй-жойларда яшаш шароитлари билан бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганилмаётганлиги кўрсатиб ўтилди.
Муҳокама мажлисида ижарада турадиган талабаларнинг ва ижара берувчи фуқаролар ўртасида муносабатни шаффофлаштириш, ижара учун берилган уй-жойларнинг ҳолати, ота-оналар ва талабалар учун ижара учун бериладиган уй-жойлар тўғрисида ягона ахборот тизимини яратиш каби масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Муҳокама натижасида қуйидагиларни амалга оширишга келишиб олинди:
- биринчидан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ИИВ, ССВ ҳамда ФВВ “Талабалар яшаш шароити ва харакатланиши мониторингини йўлга қўйиш ва бу борадаги ишларни такомиллаштириш” юзасидан қўшма қарорини қабул қилиш;
- қўшма қарорда ҳар бир ҳудудда Ишчи гуруҳ тузиб, ижарада ва яқин қариндошиникида яшаётган талабалар бўйича ўрганиш тизимини жорий қилиш;
- иккинчидан, ҳар бир ҳудуд кесимида талабалар турар жойлари ва ижарадаги талабаларнинг яшаш шароити ва турар жойи ҳолатини, айниқса ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик талабларига мос келишини тўлиқ танқидий ва таҳлилий ўрганиш;
- учинчидан, ОТМ проректорларининг лавозим вазифаларини қайта кўриб чиқиб, уларнинг талабалар турар жойи ва ижарада яшайдиган талабалар билан ишлаш тизимини яратиш;
- тўртинчидан, ФВВнинг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари билан биргаликда ҳар бир талабалар турар жойидаги ёнғин хавфсизлиги ва бошқа техник хавфсизлик масалаларини ўрганиб чиқиш;
- бешинчидан, талабаларга бирламчи ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик масалалари бўйича етарли тушунтиришлар бериш;
- олтинчидан, ижарада турадиган талабалар билан гуруҳ мураббийлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла масъуллари томонидан ҳамкорликда олиб бориладиган профилактик тадбирлар қамрови ва сифатини ошириш;
- еттинчидан, вилоят марказларига ёки Тошкент шаҳрига узоқ туманлар ва бошқа вилоятлардан олий таълим муассасасига ўқишга келиб, ижарада турадиган талабаларни вақтинчалик рўйхатга олиш механизмини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
- саккизинчидан, ОТМларга ўқишга қабул қилинган талабаларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, талабалар турар жойларини қуриш юзасидан ишлаб чиқилган манзилли дастурни такомиллаштириш.
Ишчи гуруҳлар жорий йилнинг 1 мартидан ўз фаолиятини бошлайди. Мазкур масала ҳар ҳафта Вазирлар Маҳкамаси томонидан назорат ва таҳлил қилиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги уйдан беш нафар талабанинг жасади номаълум моддадан ўткир заҳарланиш аломатлари билан топилган эди.