ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. Журналист Жамол Хашоггининг Истанбулда қўлга олиниши ёки ўлдирилиши бўйича операция 2018 йилда Саудия Арабистони меросхўр шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон томонидан шахсан маъқулланган. Бу ҳақда АҚШ Миллий разведкаси директори офиси докладида айтилган. РИА Новости хабари асосида.
Разведка маълумотига кўра, мамлакатда қарор қабул қилиш устидан назорат даражаси шу қадар юқорики, бу сингари ишлар шаҳзоданинг "оқ фотиҳаси"сиз рўй бериши мумкин эмас.
"Меросхўр шаҳзода Хашоггини қироллик учун таҳдид деб билган ва зарурат туғилганида, унинг оғзини ёпиш учун зўравонлик чоралари қўлланилишини кенг қўллаб-қувватлаган", - дейилади доклад матнида.
Унда айтилишича, саудиялик амалдорлар операцияга олдиндан тайёргарлик кўришган, АҚШ "Хашогги қотиллигида "катта эҳтимол билан" қўли бор деб гумонлаётган" 21 кишидан иборат рўйхат ҳам келтирилган. Шу билан бирга, разведка ушбу алоқадор шахслар операция финали қандай бўлишини олдиндан билишган, деган фикрни таъкидлай олмайди.
Разведканинг ушбу доклади эълон қилинганидан сўнг, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен "Хашогги таъқиқи" киритилиши ҳақида эълон қилди.
"Бу чет эл ҳукуматлари вакили бўла туриб, диссидентларга, жумладан, ўз иши туфайли диссидентлар ҳисобланувчи журналистлар, фаоллар ёки бошқа шахсларни бостириш, таъқиб қилиш, кузатиш, қўрқитиш ёки бошқа зиён етказиш сингари жиддий экстериториал ҳаракатларда қатнашган шахсларга виза чекловларини киритиш имконини беради", - дейди амалдор.
Доклад эълон қилинганидан сўнг ўлдирилган журналистнинг рафиқаси Хатижа Женгиз Twitter да #justiceforjamal ("Жамол учун адолат") хэштегини жойлаштирди.
БМТнинг суддан ташқари қатллар бўйича махсус маърузачиси Аньес Калламар АҚШни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонга қарши санкцияларни қўллашга чақирди.
"Қўшма Штатлар ҳукумати валиаҳд шаҳзодага, бошқа жиноятчиларга бўлгани каби, унинг шахсий активларига, шунингдек халқаро мажбуриятларига нисбатан ҳам санкцияларни қўллаши керак", - дейилади баёнотда.
Ўз навбатида, Саудия Арабистони ҳукумати АҚШ разведкасининг меросхўр шаҳзода Хашогги қотиллигига алоқадорлиги тўғрисидаги доклади хулосаларини рад этди.
"Саудия Арабистони Қироллиги ҳукумати ҳисоботда келтирилган Қироллик раҳбариятига берилган негатив, ёлғон ва мақбул бўлмаган баҳосини бутунлай рад этади ва ҳисоботда ноаниқ маълумотлар ва хулосалар бўлганлигини таъкидлайди", - дейилади ТИВ баёнотида.
Яқин шарқ қироллиги Ташқи ишлар вазирлиги шунингдек, АҚШ ва қироллик ўртасида "мустаҳкам шериклик" мавжудлигини қайд этиб ўтган.
Консулликда юз берган қотиллик
Таниқли саудиялик журналист Жамол Хашогги 2017 йилдан АҚШда истиқомат қилган ва Washington Post газетасида фаолият юритган. У 2018-йилнинг октябрида Истанбулда ўлдирилган эди. Аввалига саудия ҳукумати унинг Саудия Арабистони Қироллиги консуллиги ҳудудида ғойиб бўлганини тўлиқ рад этган, аммо видео- ва аудио ёзувларнинг пайдо бўлганидан сўнг Хашогги "консуллик ходимлари билан юз берган можаро оқибатида ўлдирилганлигини" тан олишди.
Туркия полицияси журналист жасадини топа олмади.
Араб матбуоти, Саудия Арабистони ҳукумати ҳаракатларини танқид қилган Хашоггини ўлдириш буйруғи қиролликдаги тахт учун даъвогар - валиаҳд шаҳзода томонидан берилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияларни илгари сурган эди. Бироқ, Қироллик Ташқи ишлар вазирлиги валиаҳд шаҳзоданинг бу жиноятга мутлақо алоқаси йўқлигини таъкидлаб келган.