ТОШКЕНТ, 26 фев - Sputnik. Республика махсус комиссияси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда, 20 февралдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида халқаро кўргазма ва ярмаркалар ўтказишга рухсат берди.
Халқаро кўргазмалар санитария-эпидемиология меъёрлари ва қоидалари талабларига қатъий мувофиқ қилган равишда ўтказилиши мумкин. Талаблар қуйидагича:
- ташкилотчи Республика ҳудудида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини шартнома асосида жалб қилган ҳолда ташкил этилаётган тадбирларнинг барча босқичларида эпидемиологик тартибларга риоя этилиши устидан назоратни таъминлаши шарт;
- барча тадбир иштирокчиларидан ҳимоя ниқоби ёки респиратор тақишлари талаб қилинади;
- тадбирга киришда барча иштирокчилар пирометрлар ёрдамида ҳароратни ўлчаш жараёнидан ўтиши талаб этилади, юқори ҳарорат ёки юқумли касалликлар белгилари бўлган шахсларга тадбирда қатнашишга рухсат берилмайди;
- экспозициялар орасидаги масофа кенглиги камида 3 метр бўлиши керак;
- тадбир ўтказиш жойларида шамоллатиш тизимлари кираётган ҳавонинг чиқаётганидан устунлигини таъминлаши керак.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг 23 мартдаги "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ Республикада барча турдаги оммавий тадбирлар тўхтатилган эди.