ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Уч кунда Тошкент халқаро аэропортидан 670 нафар ўзбекистонлик ишлаш учун Россияга жўнаб кетди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Қайд этилишича, Россиянинг кўплаб иш берувчи корхоналари вакиллари мамлакатнинг турли ҳудудларида бўлиб, фуқаролар билан суҳбат ўтказмоқда.
Суҳбатлардан муваффақиятли ўтган фуқаролардан 203 нафари 22 февралда, 246 нафари 23 февралда, 221 нафари 24 февралда Россиянинг “ПИК Индустрия” АЖ, “СтройКрафт”, “Техстрой” ва “СпецГрад” МЧЖларда ишлаш учун Тошкент халқаро аэропорти орқали учиб кетган.
Шунингдек, 25 февраль куни яна 200 нафардан ортиқ фуқароларни “ПИК Индустрия” АЖда ишлаш учун ташкиллаштирилган ҳолда жўнатиш режалаштирилган.
Россияда ишлаш учун кетаётган фуқароларга аэропортда тегишли тушунтиришлар берилиб, меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан материаллар тарқатилган.
Улар белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда турли объектларда иш бошлайди.
Эслатиб ўтамиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги пандемия сабабли чет элга ишга кетолмаган фуқароларни турли хорижий давлатларга ишга жалб қилиш бўйича амалий чоралар кўрмоқда. Натижада россиялик иш берувчилар ва масъул ташкилотлар билан келишган ҳолда кўплаб фуқаролар Россияга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилмоқда.