ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Икки ва ундан ортиқ фарзандлари тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити берилади. Ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Қарор лойиҳасига кўра, таълим кредитлари республикада фаолият кўрсатаётган барча олий таълим муассасалари — давлат, нодавлат, қўшма таълим дастурлари ва хорижий давлатлар олий таълим муассасалари филиалларида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларига, уларнинг ота-оналари ёки васийларига берилади.
Кредит фоизларини кредит ажратилгандан сўнг кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб ойма-ой тўлаш, асосий қарзни эса талабанинг ўқиши расман тугагач, уч ой ўтгандан кейин тўлаш назарда тутилмоқда.
Қарз олувчи Таълим кредитини расмийлаштириш учун тижорат банкларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) таълим кредити бериш тўғрисидаги ариза;
б) талаба ва олий таълим муассасаси ўртасидаги тўлов-шартнома асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома (контракт). Шартномада ўқишнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим. Ўқиш учун тўлов миқдори кейинги йилларда ўзгарган ҳолларда шартномаларга тегишли ўзгартиришлар киритилади, бу ҳақда олий таълим муассасаси ўн кун муддатда банк муассасасига ёзма равишда маълум қилади, сўнгра қарз олувчи, банк ва олий таълим муассасаси ўртасидаги кредит шартномасига зарур ўзгартиришлар киритилади;
г) таълим кредитини қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат;
д) таълим кредитлари олиши учун бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ фарзандлари тўлов-шартнома асосида ўқиётганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусҳаларини тақдим этадилар.
Икки ва ундан ортиқ фарзанди тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилалар сирасига камида икки нафар фарзанди бир вақтнинг ўзида олий таълим муассасасида тўлов-шартнома асосида таълим олаётган талабалари мавжуд бўлган оилалар тушунилади.
Агарда икки ва ундан ортиқ фарзанди тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилаларнинг фарзандларидан бир нафари талабалар сафида бўлиб, қолганлари олий таълим муассасасини тугатган бўлса ёки бошқа сабабларга кўра талабалар сафидан четлаштирилган тақдирда, ушбу талабалар бошқа тоифадаги талабалар таркибига киритилади ва умумий асосларда таълим кредити расмийлаштириши мумкин бўлади.