Тошкентда тиббиёт ходимларини дўппослаганларга қарши жиноий иш очилди

Фуқаро шифокорлар ўз ишига совуққонлик билан ёндашганлиги сабабли онаси Д.Н. ўлган деган фикрда бўлган. Марҳума касалхонага клиник ўлим ҳолатида олиб келинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Тошкент шаҳрида тиббиёт ходимларига тан жароҳати етказганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Идора келтирган тафсилотларга кўра, 2021 йил 18 февраль куни тахминан соат 23:50 ларда Яккасарой туманидаги И.Иргашев номидаги 4-сонли шаҳар клиник шифохонасида 28 ёшли Ф.М. икки таниши билан 31 ёшли шифокор Д.У. ва 20 ёшли фельдшер А. А.га тан жароҳати етказган.
Тиббиёт ходимларига тажовуз қилинди: уларнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда
Аниқланишича, Ф.М. шифокорлар ўз ишига совуққонлик билан ёндашганлиги сабабли онаси Д.Н. ўлган деган фикрда бўлган. Марҳума касалхонага тез тиббий ёрдам машинасида клиник ўлим ҳолатида олиб келинган.
Воқеа натижасида иккала тиббиёт ходимлари турли даражадаги тан жароҳатлари олишган. 
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси (“Безорилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда икки нафар тиббиёт ходимига марҳумнинг яқинлари тан жароҳати етказгани ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилгани хабар қилинган эди.