ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг юқори даражадаги сегменти ишида иштирок этади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Коронавирус пандемияси муносабати билан кенгашнинг навбатдаги йиғилиши Женева шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтказилади.
Йиғилиш кун тартибидан инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва уларни ҳимоя қилиш, шу жумладан фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ энг долзарб масалалар ўрин олган.
Тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Мишель Бачелет, қарийб 150 мамлакатдан давлат, ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари ва юқори даражадаги вакиллар иштирок этиши режалаштирилган.
Мирзиёев форумнинг биринчи кунида, унинг ялпи қисмида нутқ сўзлайди.
Давлат раҳбари ўз нутқида мамлакатда демократик янгиланишларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасидаги ишларнинг асосий вазифаларига батафсил тўхталади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш фаолияти бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган БМТ тизимидаги энг нуфузли ҳукуматлараро органлардан бири ҳисобланади.
Кенгашга 47 та давлат аъзо. Ўтган йил октябрь ойида Ўзбекистон 2021-2023 йиллар даврига ушбу тузилма аъзоси этиб илк бор сайланди.